Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳақида маълумот
Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябрдаги 971-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидаги ҳарбий оркестр жамоалари, шунингдек, бошқа оркестр ва бадиий жамоалар учун дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида кадрларни мақсадли тайёрлаш, умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш, умумий мусиқа бўйича билимларнинг бошланғич асосларини ўргатиш ҳамда дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида етук кадрларни тайёрлаш, ўқувчиларнинг маънавий ва эстетик ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, ўқувчиларнинг истеъдодини ва маданий савиясини ҳар томонлама юксалтириш, миллий ва жаҳон мусиқасининг юксак намуналаридан ва ўзбек халқининг мумтоз мусиқа мероси дурдоналаридан ўқувчиларнинг баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш академик лицейнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Академик лицейда “Дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги” таълим йўналиши бўйича таълим берилади. Мусиқа таълими ва ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида истисно тариқасида, мавжуд умумий ўрта таълим синфлари сақлаб қолинган бўлиб, ўқитиш умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартларининг ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади.
Бугунги кунда академик лицейда республикамизнинг барча вилоятларидан ўқувчилар тахсил олмоқда.
Академик лицейда вилоятлардан келган ўқувчилар учун 400 ўринли ётоқхона мавжуд.
Академик лицейда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, одоб ахлоқ ва ички тартиб қоидаларига риоя этишларини қатъий назоратга олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир ўқувчининг таълим-тарбияси қатъий назоратга олинган. Ҳозирги вақтда академик лицейда фан ва спорт тўгараклари фаолият юритаётган бўлиб, аксарият ўқувчилар мазкур машғулотларга қамраб олинган. Шунингдек таълим муассасасида бўш ўзлаштирувчи ҳамда иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш ҳам самарали йўлга қўйилган.
- Академик лицей кафедралари томонидан Республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро икки томонлама шартномалар тузилиб, улар билан самарали ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди;
- академик лицей ўқувчилари мунтаззам равишда республика фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда;
- охирги уч йилда академик лицейнинг кутубхонаси 6000 дан ортиқ бадиий адабиётлар билан бойитилди;
- кетма-кет икки йил давомида 2015-2016 ўқув йилида академик лицейнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2016-2017 ўқув йилида география фани ўқитувчиси “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” Республика танловида 1-ўринни қўлга киритди;
- академик лицей профессор-ўқитувчилар томонидан охирги уч йилда 100 дан ортиқ дарслик, электрон ўқув қўлланмалар, ўқув-услубий қўлланмалар, мақолалар яратилди;
- ҳар йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда академик лицейда илмий-услубий мақолалар тўплами нашр этиб келинмоқда;
- 2018-2019 йилларда академик лицейнинг 49 нафар ўқувчиси дамли ва зарбли чолғулар йўналишида ўтказилган халқаро ва республика танловларида лауреатликни қўлга киритишди;
- 2017-2018 ўқув йилида 22 нафар 3-босқич битирувчиларидан 10 нафари халқаро ва республика танловларида лауреатликни қўлга киритиб, ўз мутахассислиги бўйича олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлишди.
Академик лицей профессор-ўқитувчилари республикамиздаги етакчи олий таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича малакаларини ошириб келмоқдалар. Жумладан охирги уч йилда 100 дан ортиқ педагог ходимлар малака ошириш курсларига жалб этилди.
Иқтидорли ўқувчилар ижодини кенг тарғиб этиш, дамли ва зарбли чолғуларбўйича ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, мақсадида 1998 йилдан буён анъанавий тарзда академик лицейида дамли ва зарбли чолғулар ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” Республика танлови ташкил этиб келинмоқда.
Айнан “Санъат ғунчалари” Республика танловида ғолибликни қўлга киритиб, тажриба орттирган ёш ижрочиларининг аксарияти дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан Италия, Франция, Польша, Озарбайжон, Россия, Сербия, Белоруссия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро танловларда муваффақиятга эришишди.
Танловнинг нуфузини янада ошириш мақсадида 2016 йил 10-14 май кунлари мамалакатимизда илк маротаба дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” Республика танлови халқаро танлов сифатида ўтказилди. Халқаро танловда Озарбайжон, Қозоғистон, Япония, Россия, Германия давлатлари ҳамда Республикамиздан санъат вакиллари қатнашишди.
2018 йил 1-5 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташаббуси билан Ўзбекистон давлат консерваториясида дамли ва зарбли чолғулар ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” II халқаро танлови ўтказилди. Танловда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Туркия ҳамда Ўзбекистон вакиллари иштирок этишди.
Бугунги кунда академик лицей битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари алоҳида намунали-кўргазмали оркестрлари ҳамда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ҳамда дамли ва зарбли чолғу йўналишидаги бошқа мусиқий жамоаларнинг асосий таркибини ташкил этади.